ТОШКЕНТ ҚИЁФАСИ: БЕКАТЛАРДАГИ ЧИҚИНДИ ҚУТИЛАРИГА КИМ МАСЪУЛ?
Тошкент
кўчалари бўйлаб юрсангиз, баъзи аҳоли гавжум жойларда чиқинди уюмлари тўпланиб
турганига кўзингиз тушади. Шаҳарнинг бир нечта ҳудудларини кузатиб, кўчалар
чиқиндихоналарга айланиб бораётганига оддийгина чиқинди қутиларининг
етишмаслигига гувоҳ бўляпмиз.
Вазирлар Маҳкамасининг «Маиший чиқиндилар билан
боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида»ги 787-сонли қарори билан
ҳудудларда чиқинди қутиларини жойлаштиришнинг жисмоний ва юридик шахслар учун
мажбурий тартиби белгилаб берилган.
Алоҳида
таъкидлаш жоизки, маданият ва истироҳат боғларида, ўрмон массивларида,
боғларда, хиёбонларда, сквер ва аллеяларда ҳар бир 800 м2 майдонда, бир-биридан
40 метрдан кўп бўлмаган масофада (йўлак чизиғи бўйлаб ўрнатилганда) биттадан
чиқинди қути қўйилиши лозим. Бозорлар,
супермаркетлар ва гипермаркетларга келсак, ҳар бир 250 м2 майдонда, бир-биридан
10 метрдан кўп бўлмаган масофада чиқинди қути қўйилиши керак (савдо расталари
чизиғи бўйлаб ўрнатилганда). Жамоат транспорти бекатлари 1-2 та билан
жиҳозланиши лохим. Даволаш муассасалари ҳудудида ҳар 700 м2 майдон учун 1 та
ўрнатиш кўзда тутилган.
Кўп қаватли
уйлар, марказий майдонлар, пиёдалар йўлаги ва зоналарининг қуйи қисмида
магистрал кўчалар бўйлаб, шунингдек, кўприкларда (ҳудуддан фойдаланиш
интенсивлигига қараб) агар интенсив пиёдалар ҳаракати мавжуд бўлса, ҳар 50 метр
жойга битта чиқинди ташланадиган қути ўрнатилиши кўзда тутилган. Гавжум жойлар учун бундай меъёр 100 метрдан ошмаслиги
лозим.
Аммо
серқатнов, аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда наинки ҳар 50 метр, ҳар 100-120
метрда ҳам чиқинди қутилари учрамайди. Бутун
бошли катта бозорлар ҳудудида эса, атиги 1-2 та қути топилади, холос.
Хўш, бекатларда-чи?! Афсуски,
пойтахтдаги баъзи бекатларда ҳалигача чиқинди қутилари ўрнатилмаган.
Бугунги кунда пойтахтда 2000
дан зиёд бекатлар мавжуд.
Шундан 687 бекат тижорий тоифага мансуб бўлиб, улар тадбиркорларга
ёнида тижорий объектлар қуриш учун ижарага берилган. Ижара пулини тўлашдан ташқари, тадбиркорлар
бекатларнинг тозалиги ва «тижорий» қиёфаси учун жавобгар ҳисобланади.
Демак, чиқинди қутилари
бекатга тадбиркорлар томонидан ўрнатилиши керак. Аммо... Бу ҳолат, албатта
одамнинг дилини хира қилади.
Чиқинди сабабли кўчалардаги нохуш манзаралар кўпинча аҳолининг
маданиятсизлиги билан боғланади. Тўғри,
биров тозалайдиган жойга кўра-била туриб чиқинди ташлаш маданиятсизликнинг энг
тубан кўринишларидан бири. Аммо чиқинди қутилари бўлмаса, одамлар нима қилсин?
Чиқиндини сумкасига солсинми, ё ариққа ташласинми? Пойтахтда аҳвол шундай
бўлса...



Комментарии
Отправить комментарий