ОРОЛ БЎЙИ МИНТАҚАСИДАГИ ЭКОЛОГИК МУАММОЛАР ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ



 ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб Оролбўйи минтақасида деҳқончилик тизимида ва умуман шу ҳудуд табиий бойликларидан фойдаланиш натижасида содир қилинган хатоликлар катта экологик фожиаларга сабабчи бўлди, оқибатда кўпчилик ҳудудларда экологик танглик вужудга келди. 
Амударё қирғоқларида 60-йиллардан бошлаб янги ерларни ўзлаштириш кенг кўламда олиб борилиши, ноёб гидротехника қурилишларининг авж олиши, улкан сув омборлари ва магистрал каналлар қуриб ишга туширилиши, қишлоқ хўжалигини кимёлаштиришнинг кучайиши, алмашлаб экишга эътибор бермаслик, пахта яккаҳокимлигининг барча суғориладиган ерларга тадбиқ қилиниши, қатор минерал ўғитлар ишлаб чиқариладиган заводларнинг барпо этилиши ва инсонларнинг бошқа фаолиятлари биосферанинг ниҳоятда ўзгаришига сабаб бўлди. Оқибатда қатор туманлардагина эмас, балки катта ҳудудларда биосферани асраш ва шу регионларда экологик фожиаларнинг олдини олиш бўйича бир-бири билан боғлиқ йирик муаммолар пайдо бўла бошлади. Табиатдаги экологик фожиаларнинг содир бўлиши туб моҳияти билан бугун ва эртага олинадиган иқтисодий фойда кетидан қувиш оқибатидир. Табиий ресурслардан хўжасизларча фойдаланиш натижасида юз бериши мумкин бўлган кенг миқёсдаги ноҳуш ходисаларнинг вужудга келишини режалаштирувчи ва лойиҳалаштирувчи ташкилотлар ўйлаб ҳам кўрмаганлар.

  СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШДА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН ХАТОЛИКЛАР ВА УЛАРНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

Ўрта Осиё республикалари аҳолисини сув билан таъминловчи манба-бу Амударё ва Сирдарё сув ҳавзаларидир. Бу дарёларнинг ирмоқлари ерларни суғоришда ва аҳолининг сувга бўлган талабини қондиришда сарфланади.
Сув ресурсларидан тўғри фойдаланиш шу минтақада яшаётган аҳолининг экологик маданияти ва қишлоқ хўжлигида ирригация ва мелиорация ишлари қай даражада ташкил қилинганлигига боғлиқдир. Орол денгизи ҳавзасидаги ер усти сув ресурсларининг бир йилги ўртача умумий миқдори 126,9 км3 тенг, шундан 1940 йилда 3,5 млн гектар майдон суғориш учун 44,3 км3 , 1960 йилда 4,3 млн гектар ерни суғориш учун 54,1 км3, 1980 йилда таҳминан 7 млн, гектар ерни суғориш учун 108 км3 сув сарфланган. Ўзбекистонда 1980 йилда саноат, коммунал ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун жами 6,2 км3 сув олинган. Маълумотлар 1960-1980 йилларда турли эҳтиёжлар учун сув ресурсидан кўп фойдаланилганлигини кўрсатиб турибди.
Шу билан бирга бу ҳуддуда 70-йиллардан бошлаб ёғингарчилик кам бўлгани оқибатида сув танқислиги юзага келади ва натижада 1974-1986 йилларда ҳавзада ўртача сув манбалари 80-90 фоиз ва ундан ҳам камроқ бўлган. 60-йилларнинг бошидан ирригация массивлари учун кўп миқдорда сув олиниши ва табиий сув танқислиги сабабли Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимларида сув ҳажми аста-секин камайиб борди.
1911-1960 йилларда иккала дарё Орол денгизига қуядиган сувнинг ўртача миқдори 52 км3, 1971-1980 йилларда 16,6, 1981-1985 йилларда 4,2 км3 ни ташкил қилди.
Орол денгизига дарёлар орқали сув борган сари камроқ тушиши туфайли минерализация даражаси бир литр сувда 10,5 граммдан 28-29 граммгача ошди. Денгиз сатҳининг бундай пасайиши ва сувнинг минерализацияланиш тезлиги ер юзининг ҳеч жойида кузатилган эмас. Майдонниг 1/3 қисми қуриб, қумли ва шўрҳокли чўлга айланди. 1981 йилда денгиз транспорти ва балиқчилик соҳаси аҳамиятини тўла йўқотди.
Орол денгизи Турон паст-текислигининг улкан Қорақум, Қизилқум, Устюрт, Орол бўйи, Катта ва Кичик бўрсиқ каби чўлларининг туташуви мумкин жойда бўлгани, унинг қуриши туфайли ушбу минтақада табиий мувозанат бузилди. Оқибатда шу ҳудудда биологик ҳар хиллик тўла издан чиқди ва уни қайта тиклаш имконияти тўла йўқотилди.
Суғорма деҳқончиликда сув ресурсларидан ноўрин фойдаланиш туфайли зовурлар оқава ва тиклама сувлар миқдори ҳам борган сари кўпайиб бормоқда. Ҳозир ушбу сувларнинг умумий миқдори Орол денгизи ҳавзасида 31 км3 дан кўпроқдир. Қайтган сувларнинг бир қисми дарёларга ташланиб, уларнинг қуйи қисми деҳқончиликда ишлатилмоқда, бир қисми эса чўп зонасига оқизилиши туфайли турли ҳажмдаги сунъий шўр йўллар пайдо бўлди. 

Турғунлик йилларида Амударёга Қашқадарё, Зарафшон, Ваҳш Чоржўй водийларидан оқава сувларнинг оқизилиши дарё сувининг ифлосланишига олиб келди. Илгарилари Амударё куйи оқимидаги сувнинг минераллашуви 0,4 граммни ташкил қилган ҳолда, хозирда бу рақам 2-3 мартага ортиб кетди, баҳор ойларида ҳатто 2-2,5 граммни ташкил этади. Бу ҳол Хоразм, Қорақалпоғистонда Амударё сувидан ичимлик сифатида фойдаланишни жуда оғирлаштиради, иккинчи томондан суғориладиган ерларнинг мелиоратив жиҳатидан бузилишига олиб келади.
Орол бўйи регионида сув муаммоси мураккаблашиб бораётган ҳозирги даврда ҳудудда мавжуд сувлардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида Амударё сувидан фойдаланилаётган давлатлар ўзаро келишган ҳолда сувни тежаш ишларини амалга оширишлари зарурдир. Бунинг учун дарё суви тақсимотини қайта кўриб чиқиш, йирик коллекторларнинг маълум участкаларида сувни тозалаб берувчи махсус қурилмалар қуриш лозим. Чунки йилига 31 км3 миқдорида сувни сифатли қилиб тозалаб, яна қайтадан суғориш ёки бошқа эҳтиёжлардан фойдаланилса, Орол денгизига тушадиган ҳажм анча кўпаяр, иккинчи томондан сув танқислиги ҳам камаярди.
       Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бу соҳада анча ишлар амалга оширилган. Улар денгиз сувларини чучитиб,  ичимлик сув сифатида ва деҳқончиликда фойдаланадилар. Қозоғистонда бу соҳада анча тажриба тўпланган. Шевченко шаҳри Касбий денгизининг сувини чучитиш орқали сув билан таъминланган. Оролбўйи ҳудудидаги йиғилаётган барча шўр сувларни тозалаш учун сарф қилинган маблағ сув етишмаслиги, ифлосланиши натижасида вужудга келаётган социалиқтисодий оқибатлар ҳажмидан анча кам бўлиши мумкин. Бу соҳада амалий ишларни тез кенг миқёсда бажариш ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Комментарии

Популярные сообщения