ЭКОЛОГИЯ ХОДИМЛАРИ ФОРМА КИЙИШИ КЕРАКМИ?
Ҳақиқатдан
ҳам, саволда кўтарилган масала жиддий, чунки махсус экологик назорати амалиёти
жойларда инспекторларнинг айнан махсус формали кийимларда ва фарқлаш белгилари
билан юришини тақозо этади. Бу жуда муҳим зарурият.
Чунки махсус
рейдларга чиқилганида, қонунбузарлар формали ходимга бошқача, формасиз ходимга
бошқачароқ (бунда кўпроқ менсимаслик ҳолатлари кузатилади) муомала қиладилар,
албатта бунда махсус формали кийим ва фарқлаш белгиларининг таъсири анчагина
сезиларли бўлади.
Ўзбекистон
Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва
ташкилотларининг формали кийимини ишлаб чиқиш, стандартлаштириш, тасдиқлаш ва
тайёрлаш механизмини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27
февралдаги ПҚ-2800-сонли қарори 1-иловасининг «Идораларнинг формали кийими»
бўлимига асосан Ўзбекистонда жами 19 та давлат органлари ходимлари махсус
формали кийим бош кийиб юриши назарда тутилган.
Мазкур
рўйҳатга Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари ҳам
киритилган, яъни улар ҳам махсус формали кийим бош кийиб юрадиган ходимлар
сарасига киради.
Президентнинг
юқоридаги қарори талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги 737-сонли “Ўзбекистон республикаси
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизими ходимларининг
формали кийими ва фарқлаш белгилари намуналарини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори
қабул қилинди.
Мазкур
қарорнинг 2-бандига мувофиқ формали кийим ва фарқлаш белгилари билан таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат
қўмитаси тизимига кирувчи идоравий мансуб давлат унитар корхоналари ходимларига
татбиқ этилмаслиги назарда тутилган. Яъни, ушбу қўмита тизимида унинг
таркибидаги давлат унитар корхоналардан ташқари, барча таркибий тузилмалар,
айниқса, ҳудудий органлар ва туман (шаҳар) инспекциялари ходимлари тўлиқ
таркибда махсус формали кийим ва фарқлаш белгилари билан юришлари мумкин.
Ушбу 737-сон
қарор билан иккита муҳим ҳужжат тасдиқланган, булар:
Ўзбекистон
Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизими
ходимларининг формали кийими ва фарқлаш белгилари намуналари;
ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат
қўмитаси тизими ходимларининг формали кийими ва фарқлаш белгилари тавсифи.
Демак, кўриб
турганингиздек, Президентнинг юқоридаги ПҚ-2800-сонли қарори ва Вазирлар
Маҳкамасининг 737-сонли қарорига асосан, Давлат экология қўмитасининг ҳудудий
органлари ва туман (шаҳар) инспекциялари махсус формали кийим бош ва фарқлаш
белгилари билан юришлари мумкин. Бунга бирор бир мутасадди органлар эътироз
билдиришлари тўғри эмас.
Маълумот
учун: хозирги кунда Давлат экология қўмитаси томонидан махсус формали кийим ва
фарқлаш белгилари тайёрланмоқда ва яқин вақт ичида тегишли ходимларнинг барчаси
ушбу воситалар билан таъминланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги кўплаб
фаол ҳудудий органларда давлат инспекторлари махсус формали кийим билан фаолият
юритмоқда.



Комментарии
Отправить комментарий