Ҳайвонни қаттиқ уриш ёки қамаб қўйиб қаровсиз қолдириш ёхуд тоқатидан ортиқча нарсани юклаш ҳам катта зулмдир


 ​​Нофеъ ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бир аёл мушук сабабли азобга гирифтор бўлди. Уни қамаб, емак ва сув бермаганлиги учун ўлиб қолди ва у сабабли дўзахга кирди. Уни қамаганига яраша едириб ичирмади. Уни қўйиб юбормади ҳамки, ердаги ҳашоротлардан териб ерди»,–дедилар». Муслим ривояти. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қарамоғидагиларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади»,–дедилар». Абу Довуд ривояти.
Ҳайвонни қаттиқ уриш ёки қамаб қўйиб, қаровсиз қолдириш ёхуд тоқатидан ортиқча нарсани юклаш ҳам катта зулмдир. Фақиҳлар ҳайвонларга меҳр – мурувват юзасидан улардан эгаси борларига диёнатан нафақа қилиш вожиб эканлигига иттифоқ қилишган. Шундай бўлсада ҳайвонига инфоқ қилмайдиган кишини унга мажбур қилинишида ихтилоф қилганлар. Ҳанафийлар «Зоҳирур ривоя»да: мажбур қилинмайди. Чунки ҳаққа мажбурлаш соҳиби уни талаб ва хусумат қилган вақтда бўлади, дейишган. Абу Юсуфдан мажбур қилинади деган ривоят бор. Чунки ҳайвонни оч қолдириш унга бефойда азоб бериш гуноҳи азимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳаммасидан қайтарганлар. Яна бу иш чиройли оқибатдан холи бўлгани сабабли, ҳайвонларга азоб бериш, уларга меҳр кўрсатмаслик дўзахийликдир.

Комментарии

Популярные сообщения