ОРОЛ БЎЙИ МИНТАҚАСИДАГИ ЎСИМЛИКЛАР ДУНЁСИДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИНГ ЭКОЛОГИК ОҚИБАТЛАРИ


Ер юзида одам пайдо бўлибдики, у ўсимликлардан фойдаланиб келади. Инсон улардан озиқ-овқат, ёқилғи, ем-ҳашак, қуриш, иқлим шароитларини яхшилаш, дори-дармон олиш, шамол ва сув эрозиясига қарши курашда, саноат учун зарур маҳсулотлар олишда фойдаланади. Маҳсулотлар, унинг заҳиралари тоғ ва тоғ этаклари, ўрмонларда, чўлларда камайиб бормоқда. Шуларни эътиборга олган ҳолда мамлакатимиз мустақилликка эришгач, чўлларда ҳар йили бир неча ўн минг гектар майдонда фитомелиорация ишлари олиб борилмоқда, тоғ этакларида ўрмонзорлар вужудга келтирилмоқда. Булар эрозия ҳодисасининг олдини олишга имкон берса, бошқа томондан яйлов ҳосилдорлигини камайтиришга сезиларли таъсир кўрсатади.
Афсуски, илмий-техника тараққиётининг жадал равишда ўсиши, ёқилғи жамғариш мақсадида бута ва ярим буталарни қирқиш, геологик қидирув ва бурғулаш ишларининг кенг миқёсида олиб борилиши, магистрал йўллар қуриш, янги ерларни очиш ҳисобига тўқайзорларимиз қисқариб кетди ва оқибатда ўсимликлар дунёсига катта зарар етказилди. Яйловлар асосан қудуқ атрофида пайҳон бўлади ва шу ердаги ўсимликлар чорва моллари таъсирида зарар кўради, бу ҳудуднинг радиуси эса бир километрдан ошади. Натижада қудуқлар атрофи яланг барханлар билан ўралган бўлади, ерларда ўсимликлар оламида асосан адраспан ёки селен ўсади. Агарда биз яйловларда фойдаланилаётган барча қудуқлар сонини ҳисобга олсак, қанчадан-қанча майдонлар яланг қумликдан иборат эканига ишонч ҳосил қиламиз. Коинотдан олинган космофото суратларда қудуқлар атрофидаги барханлар оч кулранг тусда яққол кўриниб туради.
Қоракўл қўйларини боқиш жараёнида яйловлар фақатгина қудуқлар атрофида эмас, балки ундан узоқдаги масофада ҳам деградацияланади, яъни чорва моллари учун унчалик аҳамияти бўлмаган ўсимлик турларининг кўпайиши натижасида фитоценозда катта ўзгаришлар содир бўлиб, адраспан, қўзиқулоқ ва бошқа ўсимликларнинг кўпайиши учун муҳит шароитлари ҳосил бўлади. Бундай ҳоллар кўпинча яйловлардан тўғри фойдаланмаслик оқибатида вужудга келади.
Сирдарё ва Амударёда гидротехник иншоотлар кўплаб қурилиши туфайли тўқайзорларнинг экологик муҳитлари кескин ўзгарди. Бу ерда шу нарсани алоҳида қайд этиш керакки, дарёларда баҳор ва ёзнинг биринчи ярмида тоғлардаги қор ва музликларнинг эриши сабабли тошқин бўлиб, ёзнинг қолган вақтларида тўлиб оқар эди. Дарёлар суви жиловлангандан кейин, уларнинг суви бир меъёрда оқа бошлади, кейинги, даврларда уларнинг миқдори анча камайиб кетди.
Тўқайзорларда ўсаётган дарахт ва буталардан иборат ноёб ўсимликлар намлик етишмаслиги оқибатида деградацияга учради, намсевар тол, жийда, туранги ўсимликлари қуриб бормоқда. Улар ўрнида қурғоқчиллика чидамли юлғун ўсимликлари кўпаймоқда. Тўқайзорларда ўсимлик турларининг камайиб боришига дарё сувининг камайишигина эмас, балки уларнинг ҳар хил чиқиндилар билан ҳаддан ташқари ифлосланиши, минераллашуви, ер ости сувлари шўрланиш даражасининг ошиб бораётгани ва тўқайларнинг ўзлаштирилиши ҳам сабаб бўлмоқда.
Дарёлар сувининг минералицазияланиш даражаси ҳар литр сувда йил давомида 1,2-2,5 грамм ва айрим йиллари ундан ҳам кўп бўлмоқда. Бу эса ўсимликлар ўсиши ва ривожига салбий таъсир этиб, уларнинг қуриб кетиши ва ҳар хил касалликларга чалинишига сабаб бўлади. Тўқайзорлардаги ўсимликларнинг қуриши туфайли бу ерларда тез-тез ёғинлар содир бўлиб, ўсимлик турларининг йўқолишига олиб келади, шамол таъсирида қумлар бир жойдан иккинчи жойга учиб, қум барханларини пайдо қилмоқда. Бу жараёнлар қумли чўлларда ҳаракатчан барханларгина ҳосил қилмай, яйловлар ҳослидорлигининг пасайиб кетиши, тог этакларида эрозиянинг кучайиши, тўқайзорларда уларнинг деградацияга мойиллиги тезлашишига олиб келмоқдаки, бу ҳар бир ҳудуднинг табиий ва экологик шароитларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, комплекс чора тадбирларни ўз вақтида амалга оширишни талаб қилади.
Оролбўйи ҳудудларида нохуш ҳодисалар мажмуи ривожланиб бораётган ва натижада воҳанинг экологик шароитлари ва иқтисодий жиддий зарар кўраётган ҳамда денгиз сатҳи тобора пасайиб бораётган бир вақтда қатор тадбирларни биринчи галда бажаришни талаб этмоқда. Даставвал шу минтақада содир бўлаётган чўллашиш жараёнларининг олдини олиб, табиатнинг биологик жиҳатидан ҳар хиллигини ошириш, ўлканинг ўзига хос хусусиятларини сақлаган ҳолда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини бойитиш, кўп йилларга мўлжалланган, шу ҳудуд табиатини тиклаш имкониятларини яратадиган, чора тадбирларни ўз ичига қамраб олган йирик режа тузиш мақсадга мувофиқдир. Шу режага асосан авваламбор ўлкадаги мавжуд сув манбаларидан фойдаланишни тартибга солиш зарур, бунинг учун суғориладиган деҳқончиликнинг маълум даврларга мўлжалланган тараққиёти илмий жиҳатдан тўла асослаб берилиши керак.
Амударё қирғоқларидаги дов-дарахтли ноёб тўқайзорларни қайта тиклаш ва мавжудларини инсониятга маълум барча услублардан фойдаланиб сақлаб қолиш замон тақозосидир, чунки бу ўсимликлар қоплами деҳқончилик маданиятини кўтариш ва халқ саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Орол денгизи тубидан кўтарилаётган чанг-тўзонларни ва шамол эррозиясини тўхтатиш мақсадида иҳота дарахтзорлари бунёд этиш, қуруққа чидамли ўсимликларни экиб кўпайтириш йўли билан маҳсулдор сунъий яйловлар-агроценозларни барпо этиш мақсадга мувофиқдир. Турғунлик йиллари яйловдан тўғри фойдаланмаслик оқибатида ўсимликлар сони камайиб, сифати бузилди. Айниқса бедазор ва саксовулзорлар йўқолиб кетди.
50-60 йилларда Хоразм воҳаси ўзининг юқори навли беда уруғи билан дунёга машҳур эди, бу ўсимлик жуда ҳам юқори озуқабоп бўлиши билан бирга, ернинг мелиоратив хусусиятларини кўтаришга ёрдам берар, тупроқни чиринди ва азот моддаси билан таъминлаб турарди. Шунинг учун ҳозирги даврда бедачиликни кенг ривожлантириш, айниқса экинларни алмашлаб экишга катта эътибор бериш зарур.
Ҳозирги куннинг асосий муаммоларидан бири Орол сатҳини маълум бир баландликда сақлаб туриш бўлса, иккинчиси, унинг қуриган қисмидан кўтарилаётган туз ва чанг тўзонини иложи борича камайтириш ҳисобланади. Бу масала анча мураккаб, уни тез ҳал қилиш оғирдир. Кейинги даврларда баъзилар Касбий денгизидан каналлар ёрдамида Орол денгизига сув олиб келиш зарурлигини уқтирмоқдалар. Ҳолбуки, Каспий сатҳи дунё океани юзасидан 27 метр пастда, Орол денгизининг сатҳи эса 54 м баландда жойлашган. Бундай баландликка сув чиқариш учун анча энергия сарфлаш керак бўлади. Бундан ташқари Касбийнинг сатҳи турғун эмас, унинг ҳавзаси ҳар йили ёғин-сочин миқдорига боғлиқдир.
Айрим мутахассислар Орол денгизига оз миқдорда бўлса ҳам фақат унинг ҳавзасида ҳозирда вужудга келаётган қайтган сувларни махсус йиғувчи коллектор орқали юбориш тўғрироқдир, деб кўрсатадилар. Бунинг учун Қашқдарё, Навоий, Бухоро, Чоржўй, Хоразм воҳаларида пайдо бўлаётган оқава сувларни йиғувчи коллектор қазиб, Оролга оқизилса тахминан 8-10 км3 сув денгизга тушиши мукинлиги қайд этилади. Коллекторнинг узунлиги 1500 километрдир, буни қазиб ишга тушириш учун анча маблағ талаб этса ҳам, у зарур ва ниҳоятда фойдали лойиҳадир..
 
Оролбўйида содир этилган экологик муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш учун ҳар бир ҳудуднинг муаммолар комплекси математик моделини яратиш ва шу модел асосида уларни юзага келтирувчи барча сабаблар ҳамда уларни бартараф қилиш йўлларини аниқлаш мумкин. Чунки моделлар асосида аниқ ва равшан маълум кўрсаткич ва белгилар ётиши, муаммоларнинг геометрик призма кўринишида тасаввур қилиниши уларнинг тўғри, объектив ҳал қилиш йўлларини ишлаб чиқишга имкон яратади. Бу ҳол муаммолар ўзгариш тенденциясини аниқлашда, уларнинг қанчалик бир-бирлари билан боғлиқ эканини билишда, бир муаммони ечиш билан бошқаларига қанчалик ижобий ёки салбий таъсир этишини аниқлашга имкон беради.
 Муаммони ечиш оддийгина бўлиб кўринса ҳам, лекин уни амалга оширишда математик, эколог, географ, иқтисодчи, гидролог, биолог, иқлимшунос ва бошқа қатор мутахассислар қатнашиши зарурдир. Оролбўйида вужудга келган экологик вазиятни нормаллаштириш учун таибатда содир бўлган барча салбий жараёнлар илмий жиҳатдан узоқ йиллар давомида чуқур ўрганилиши керак.
Кичик бир бўлимда Орол бўйи ҳавзасида вужудга келган барча жараёнлар ҳақидда тўла маълумот бериш жуда амримаҳолдир, бу ҳақда тўлиқроқ маълумотларни рўйхати берилган адабиётларга мурожаат қилиш орқали олиш мумкин.

,




Комментарии

Популярные сообщения