ТАБИАТНИ АСРАЙЛИК
Ислом дини табиат, атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор билан қарайди. Табиатни асраш, аслида инсоннинг ўзини англаши, атрофдаги одамларни қадрлашидан бошланади. Бу мавзу оят-ҳадисларда кўп зикр этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сафардан қайтаётган саҳобаларга тоза-озода юришларини тарғиб этиб: “Сиз аёлингиз, болаларингиз ҳузурига қайтяпсиз. Уловларингиз ва либосларингизни тартибли, тоза ҳолда тутинг. Одамлар орасида чиройли хол каби ажралиб туринг. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди”, деганлар.
Теварак-атрофни обод, ораста сақлашга чорлаб, бундай марҳамат қилганлар: “Бирор киши мусулмонлар фойдалансин деган ниятда бир ўзи ёки болалари билан бирга ариқ қазиса ёки пул бериб қазитса, ўша ариқ туфайли ҳосил бўладиган савоб унга ўлимидан кейин ҳам етиб туради” (Имом Бухорий).
Ислом дини ҳайвонларга алоҳида меҳрибонлик билан ёндашишга чақиради. Динимизда ҳайвонларни мақсадсиз ўлдириш гуноҳ ҳисобланиб, қатъиян ман қилинади. Чунки Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар фойдаланиши учун яратган. Жониворларни беҳуда ўлдириш илоҳий неъматларга ношукурликдир. Ҳайвонларга меҳрибон ва яхши муносабатда бўлиш фақат улардан етадиган манфаат билан боғлиқ эмас. Биз мусулмонлар барча ҳайвонот ва ўсимликлар оламига, улардан бир фойда кутилмаса ҳам, яхши муносабатда, меҳр-шафқатли бўлишга буюрилганмиз.
Сув, ҳаво, тупроқ, ҳайвонот, наботот ҳаммасини – Аллоҳ таоло миқдори билан бир-бирига боғлиқ ҳолда яратган. Боғланиш бузилса, муаммо келиб чиқиши аниқ. Бу қонуниятни ҳеч ким унутмаслиги керак. Ривоятларда “Агар қиёмат келиб қолса ҳам қўлингдаги кўчатни ерга ўтқазгин” дейилади.
Ёш авлодни атроф-муҳитга, табиатга меҳр-шафқатли ва адолатли бўлишга ўргатиш ота-оналар, маҳалла фаоллари, имом-домлалар, таълим-тарбия муассасалари ходимлари ҳамма-ҳамманинг бурчидир.
Ҳасанбой Худойназаров
Шайх Жалолиддин Румий масжиди имоми



Комментарии
Отправить комментарий