БУХОРОДАГИ ЭКОМАРАФОНДА УЧ МИНГДАН ОРТИҚ КИШИ ИШТИРОК ЭТДИ!

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 19 октябрь куни Бухорода “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиори остида "ARAL MARATHON" халқаро экологик марафони бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан марафоннинг старт манзили - Пойи Калон ансамбли ташкилотчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар, спортчилар, маданият ходимлари, қолаверса, аҳоли билан янада гавжум бўлди.  Бу ерда вилоят ҳокимлиги, маданият бошқармаси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими томонидан концерт дастури намойиш этилди. 
Шундан сўнг тадбирнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда сўз олганлар мазкур экологик марафон Орол денгизи муаммоларига бағишланган Халқаро конференция арафасида Ўзбекистоннинг олти шаҳри – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Мўйноқда бўлиб ўтиши белгиланганлигини, марафоннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон килинишига, Орол фожиаси ҳақиқатдан ҳам глобал миқёсдаги муаммолигига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш эканлигини айтиб ўтишди.




Ниҳоят, марафонга старт берилди.
Иштирокчилар Пойи Калон ансамблидан “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасигача бўлган масофани босиб ўтишди.







Тадбир сўггида ғолиблар аниқланиб, улар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.



Маълумки, сув ресурсларини тежаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлашнинг энг самарали йўлидир. Сувнинг қиймати кун сайин ортиб бормоқда. Шунинг учун марафон катнашчилари рамзий маънода идишдаги сувни қўлдан-қўлга узатган ҳолда белгиланган йўналишга асосан Хоразм шаҳри томон йўл олдилар.
Шунингдек, марафон дастури доирасида Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалида “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиори остидаги тарғибот тадбирлари ҳам ташкил этилди. Мазкур тадбир ҳар йили ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бу минтақамизнинг экологик муаммоларига халқаро ҳамжамиятнинг қизиқишини кучайтиради.



Вилоят ҳокимилиги ахборот хизмати

Комментарии

Популярные сообщения