ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛМИЗ

“Ислом нури” газетасининг 2019-йил 11-сонида чоп этилган Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Мўминжон Саидалиевнинг “Ов қилишга доир ҳукмлар” мақоласида шундай сатрлар бор: “Ов қилиш учун албатта шаръий сабаб бўлиши лозим.Кўнгил хушлик учун ов қилиш таҳримий макруҳдир”. Ҳақиқатдан ҳам жонзотларни Парвардигор фойда олишимиз учун бизга бўйсиндирди: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунингизда ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариб кета оладиган овуллар (бунёд) этди ҳамда (қўйларнинг) жунларидан, (туяларнинг) юнгларидан ва (эчкиларнинг) тивитларидан маълум бир вақтга қадар фойдаланиладиган жиҳоз ва матоҳлар (яратди)” (Наҳл сураси, 80-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий алайҳиссалом: “Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, қиёмат куни Аллоҳ таоло одамдан у (чумчуқ) ҳақида сўроқ қилади”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у (чумчуқ)нинг ҳақи нима? Деб сўрашди. “Уни сўйишнинг ва ейишингдир. Бошини узиб, ўзини отиб юбормаслигинг!” дедилар” (Имом Насоий, Имом Шофиъий ва Имом Ҳоким ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Бошини узиб, ўзини отиб юбормаслигинг”, дейишларидан мақсадлари масъулиятни тўлиқ ҳис эттиришдир. Чунки ўша ноҳақ ўлдирилган чумчуқ қиёматда даъво қилиб, бундай дейди: “Эй Раббим, манави мени манфаат учун эмас, ўйнаб ўлдирди” (Имом Аҳмад ривояти). Ҳавонот оламига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлиш оқибатида кўплаб ҳайвонлар қирилиб кетмоқда, қанчадан-қанчаси йўқ бўлиш арафасида.

Ҳадиси шарифдан катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ишга жиддийлик билан ёндашиш зарурлиги; ҳайвонни фақат зарур эҳтиёж юзасидан ов қилиш лозимлиги; банда кичик бир ҳайвонга қилган ноҳақлиги учун ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида жавоб бериши; чумчуқнинг ҳалоллиги; ҳайвонни овлагандан кейин ташлаб юбормаслик; овланган ҳайвоннинг бошини ёки бошқа бирор аъзосини узиб, отиб юбормаслик кераклигини билиб оламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом таъкидлаганларидек, ҳар биримиз раҳбармиз ва ҳар биримиз масъулмиз. Шу боис энг ҳақир жонзотни ҳам бесабаб нобуд қилишдан саланайлик. Зеро, зарра қадар яхшилик ёки ёмонлик учун сўроқ қилинишимизни унутмайлик.

Манбалар асосида Тошкент
 ислом институти талабаси
Иброҳим БУРХОН тайёрлади

Комментарии

Популярные сообщения