ИФЛОСЛАНГАН АТМОСФЕРА ҲАВОСИНИНГ ТИРИК ОРГАНИЗМЛАРГА ТАЪСИРИ
Атмосферага чиқарилган заҳарли чиқиндиларнинг
аксарият қисми ер юзасига қайтиб тушади ва тупроқни, сувни заҳарлайди. Бу
заҳарли моддалар ўсимлик ва ҳайвонларга ҳам таъсир этади. Тупроққа тушган
заҳарли моддалар ундаги газ режимига, кимёвий жараёнларга таъсир этади. Энг
ёмони, заҳарли моддалар тупроқдаги барча макро ва микроорганизмларнинг
фаолиятини бузади. Ҳаводаги ҳар хил газлар, чанглар ўсимликларда ўтадиган
ассимилатсия жараёнларини сусайтиради. Тупроққа
тушган метан гази, суперфосфат, сулфат кислоталари ўсимликларнинг илдиз
системаларини зарарлайди, ҳосилдорликни камайтириб, уларнинг сифатини бузади.
Аммоний ўғит ишлаб чиқарувчи заводлардан чиққан
водород фторид, олтингугурт гази, хлор ва бошқалар жуда заҳарли бўлиб, ўсимлик
ва ҳайвонларнинг нормал ўсиши ва ривожланишига катта зарар келтиради. Айниқса,
семент заводларидан чиққан заҳарли моддалар ўсимликларга ёмон таъсир этади.
Заводдан 3-4 км узоқликда ўсаётган мевали дарахтлар бу моддалар таъсиридан
нобуд бўлаётганлиги маълум.
Атмосфера ҳавосига чиқарилган заҳарли газлар
ўсимликларга турлича таъсир этади. Масалан, беда, пахта, буғдой, шоли, карам
олтингугурт газига нисбатан, мевалар ва узум эса фторга анча сезувчан бўлади.
Шунингдек, бундай заҳарли моддалардан чорва моллари ҳам касалланади ёки нобуд бўлади.
Маълумки, бизнинг организмимиз тўхтовсиз равишда ташқаридан ҳаво қабул қилиб
туради. Агар киши ҳар хил заҳарли моддалар билан ифлосланган ҳавони қабул
қилса, унинг танасида заҳарли моддалар тўпланиб боради. Оқибатда, киши
организмининг иммунитети пасаяди, кейинчалик эса ҳар хил касалликларга
чалинади. Бунда дастлаб инсоннинг боши оғрийди, кўнгли айнийди, тинкаси қуриб,
иш қобилаяти сусаяди. Айниқса, ҳаво шамолсиз, ғуборли, туманли бўлганда
ифлосланган ҳаво кишига ёмон таъсир кўрсатади. Ифлосланган ҳаво кишиларнинг
нафас олиш органларига, улардан қон ва қон айланиш системаси орқали одам
танасининг ҳамма аъзоларига тарқалиб, органлар касалланади.
Юқоридагилардан ташқари ҳар хил саноат
корхоналаридан, вулқонлар отилишидан, ўрмонлар ёниши ва табиатдаги бошқа
ҳодисалардан биосферага чиқувчи флорид, водород, алдегидлар, қўрғошин, чанг,
ҳар хил моддаларнинг заҳарли ҳидлари кишилар саломатлигига салбий таъсир этади.
Уларнинг хиллари ва миқдори борган сари кўпайиб бормоқда. Атмосферага чиқувчи
хилма-хил заҳарли моддаларнинг киши организмига таъсири тўлиқ ўрганилмаган.
Айниқса, бир неча заҳарли моддалар бир вақтда таъсир этганда организмда содир
бўладиган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар деярли йўқ.
Ориф
Асқаров Навоий вилоятидан олган суратлар
Мақолани
Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ тайёрлади




Комментарии
Отправить комментарий