САЙЁҲЛАРГА ТОМОША БЎЛМАДИКМИ? ЁКИ ҚЎҚОНДАГИ ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФЕСТИВАЛИ ТААССУРОТЛАРИ
Хабарингиз бор Қўқон шаҳрида “Халқаро ҳунармандчилик
фестивали” ўтказилди. Қўқон шаҳрига фестивални кўриш учун йўлга отландим.
Қўқондаги ташрифимдан олдин 2019 йил 17 июнда uza.uz сайтида “Қўқон шаҳрида
Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади” сарлавҳаси остидаги мақолани ёдга олдим. Мақоладаги қуйидаги жумлалар
менда қизиқиш уйғотди. “Сариққамиш”, “Пўстиндўз”, Абдулла Қодирий ва Шароф
Рашидов номидаги кўчаларда ҳам ободонлаштириш ишлари билан биргаликда, 110 та
кўпқаватли уй миллий услубда таъмирланмоқда. Шаҳар ички йўлларини таъмирлаш
ишлари учун 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлиб, бу борадаги ишлар
ҳам сифатли олиб борилмоқда. Бундан ташқари, шаҳарнинг 24 та кўчасига ичимлик
суви ва канализация тармоқлари тортилди”.
Хаёлимда Қўқон шаҳрида амалга
оширилган ободонлаштириш ишларини тасаввур қилиб бордим. Озгина вақт ўтгач
кўзланган манзилга хаёллар оғушида етиб бордим. Шаҳар чиндан ҳам чирой очган, бунақа
манзарани ҳеч қаерда кўрмаган эдим. Барча ерга гуллар экиб обод қилинган, шаҳар
йўллари равон эди. Узоқ йўлдан келганлигим ва вақт алламахал бўлиб қолганлиги
сабабли меҳмонхонадан ташқарига чиқмасдан ётиб дамимни олдим. Эрта тонгданоқ шаҳар
айланишга чиқдим. Ҳали кўчаларда тирик
жон кўринмайди. Мазза қилиб югуриб, бадантарбия билан шуғулландим. Бахмалдек
ёйилган гуллардан баҳра олиб дам олдим-да, меҳмонхонага қайтдим. Фотокамераларимни
тайёрлаб, фестиваль ўтказиладиган ерга отландим. Мен тонгда кўриб, баҳра олган
гуллар энди чиқаётган қуёшга салом айтарди. Ҳунармандлар учун тайёрланган расталарни кузатдим. Ободонлаштириш бўлими
ходимларидан бирини суҳбатга тортдим.
-Бу гулларни ушбу тантанали тадбир
учун махсус Тошкентдан келтирганмиз. Шаҳри азимдан келган ҳамкасбларимиз тунни кунга улаб, ўн мингдан ортиқ манзарали ва бошқа турдаги
гулларни ўтқазишаяпти. Улар сизга ҳам ёқдими? Аммо, уларга қараб ичимиз ачиб кетаяпти....
Аёлнинг илмоқли гапини тушунмай бир
оз ўйланиб турдим. Атрофда аста- секин одам кўпая бошлади. Шаҳар кичик
бўлса-да, кўчалар гавжум. Буни қарангки,
пиёдалар йўлагига сиғмаётган одамлар экилган гулларни босиб, гулзорлар ичидан
ўрталаб кетишни бошлашди. Мен гулзорни босган баъзи аёлларга тўғри йўлдан
юришларини, уларни экиш учун катта меҳнат кетаётганини айтган эдим, гапимни
тўғри тушунишмади чоғи. Улардан бири мен билан ҳатто ёқалашишгача борай дейишди. Шу орада фотокамерам сувга тушиб
кетди ва ишдан чиқди. Халқаро фестиваль нуфузини туширмаслик, меҳмонларга “томоша”
бўлмаслик учун камерамни олиб, хонамга
қайтдим. Бозори чаққон пистачиларнинг қўли қўлига тегмайди. Аммо,
атрофда писта пўчоғидан “гилам”
тўшалгандек эди. Назаримда, уларни
ташкилотчилар халқаро тоифадаги фестиваль
бўлаётганидан огоҳлантиришмаган кўринади.
Шу пайт ахлат ташлайдиган қутилар эътиборимни
тортди. Уларнинг бирида чиқиндилар “тошиб” кетаётганини кўрсангиз, яна бирида елим
идишлар қалашиб ётарди. Қутилар қолиб, ариқ ичига ҳам ахлат ташлашган.
Таъкидлаш керакки, фестивални
ташкиллаштириш жараёнида ташкилотчилар
ушбу масалага эътибор қаратишмаган. Чунончи, шаҳардаги озиқ- овқат дўконлари, кўпқаватли уйлар, ижтимоий
соҳа объектлари олдида шундай қутилар
мавжуд эмас.
Одатда хонадонга бирор бир киши меҳмон бўлиб келадиган бўлса, ён- атроф
тозаланиб, тартибга келтирилади. Зеро, уйдаги саранжом, саришталик шу ерда яшовчиларнинг одоби, хулқ-
атворидан дарак беради. Ўзига хос катта
тантанага, тўйга мезбонлик қилган
қадим- Қўқон шаҳрида эса хорижлик сайёҳлар, меҳмонлар қандай манзаранинг гувоҳи
бўлишди-ю, нима хаёлга боришди. Буниси бизга қоронғу. Ачинарлиси, она диёримиз, юртдошларимиз ҳақида нотўғри фикрга боришганидир. Ахир биз дунё
илм- фанига, цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, маданиятли халқ
фарзанларимиз-ку.
Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ












Комментарии
Отправить комментарий