СУВНИ БУЛҒАГАН МАЪНАВИЯТНИ БУЛҒАМАЙДИМИ?
Ёшларга экологик таълим-тарбия беришда ўзимиз ўрнак
бўла оляпмизмизми? Кузатишлар асосида бир бўлган воқеани баён этишни лозим
топдик: эни бир қулоч келадиган ариқ ва унда тиниқ зилол сув оқяпти, лекин
чеккаларида баъзи аҳлат бўлаклари киши дилини хира қилиб турибди. Олдингиздан
тўсатдан бир каптива машинаси ўтиб қолди. Унда ёши катта отахон ва онахон
ўтиришибди. Машина бир оз тўхтади-ю, орқа эшиги очилди ва онахон тўсатдан
ариқдаги сувга қора целлофан халтага ўралган ахлатни улоқтирди. Шу заҳоти эшик
ёпилиб, машина юришда давом этиб кетди...
Хаёлга турли саволлар куйилиб кела бошлайди: бу ёши
улуғларнинг ахлат ташлайдиган бошқа фарзанди ёки набираси йўқмикан?! Шундай
салобатли машина ҳайдайдиган ёши катталар шу ишларни қилса?! Ахлат ташлашга
ариқ топилганда, наҳотки бошқа чиқиндихона топилмадими?! Сувни булғаш гуноҳ
эканлигини, маданиятга зид эканлигини бу нуронийлар билмасмикан?! Ё била туриб,
сувга ахлат улоқтиришса?! Бундайларнинг авлодлари ҳам нафақат сувни, балки
маданиятни, маънавиятни ҳам булғамайди деб ким кафолат беради?!
Биз Яратганнинг эҳсони бўлмиш неъматларни нима учун
қадрига етмаслигимиз керак?! Келгуси авлодга ҳам она табиат соф ҳолда қолиши
керак эмасми?! Бу борада оила, таълим муассасаси теварак-атрофини тоза тутиш,
ичимлик сувидан тежамкорона ва оқилона фойдаланиш, ахлат ва чиқиндиларни махсус
чиқиндихоналарга ташлаш, полиэтилен, қоғоз,
пластмасса, шиша, пахта, металл, нон маҳсулотларини алоҳида-алоҳида
ажратиб, уларни қабул қиладиган махсус пунктларга топшириб, табиатда, тоғ ва
тоғолди ҳудудларга ҳам аҳлат ташламаслик, хазонрезги пайтда сарғайган баргларни
ёқмасдан, уларни чуқурга кўмиш ёки чиқиндихонага олиб бориш, ёнаётган
хазонларни кўрганда зудлик билан ўчириш каби чора-тадбирларга эътибор
қаратишимиз самарали натижа беради.
Малика
АБДУҲАКИМОВА, Республика
Маънавият
ва маърифат маркази ходими




Комментарии
Отправить комментарий