Табиатни асраш инсониятни асраш демак
Бугун матбуот
саҳифаларидан тушмайдиган экологик маданият тушунчаси аслида узоқ ўтмишга бориб
тақалади. Зотан, бу халқимизга хос хусусият бўлиб, бу ҳақда қадимги
қўлёзмаларда батафсил келтириб ўтилган. Гарчанд, ўша вақтларда экология фан
сифатида шаклланмаган бўлсада, уларда табиатни асраш, табиий мувозанат,
ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига тўғри муносабатда бўлиш борасида қимматли фикрлар
битилган.
Масалан, зардўштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»да ўн етти хил
сувнинг таърифи берилиб, барча сувларнинг бирикиши натижасида вужуд мавжудлиги
таъминланади, дейилади. Сувга муқаддас неъмат сифатида қаралиб, ундан тежаб
фойдаланиш, тоза сувни ифлос қилмаслик борасида кўрсатмалар берилган. Демак,
ота-боболаримиз табиатга оқилона муносабатда бўлиб, унинг неъматларини
асраб-авайлашган. Нафақат қудуқ сувини, балки ариқ ва дарё сувларини ҳам тоза
сақлаб, уни тежашга ҳаракат қилишган. Сардобалар қуриб, боғ-роғ, гулзорлар
бунёд этишган.
Илгарилари ҳам айрим турдаги ҳайвонларни муҳофаза этиш ва ўрмонларни
назорат қилиш бўйича давлат миқёсида маълум чора-тадбирлар кўришга ҳаракат
қилинган бўлсада, лекин улар режали ва маълум мақсадга йўналтирилмаган. Яқин
ўтмишда табиат муҳофазаси дейилганда, кўпинча айрим ҳайвон турларини, ўсимлик
ва ёввойи табиатнинг айрим қисмларини асраш тушунилган. Бугунги кунда инсоннинг
моддий ва маънавий эҳтиёжлари тобора ортиб бориши натижасида табиий мувозанат
бузилиб, турли экологик муаммолар юзага келмоқда. Шу боисдан бугун жаҳон
ҳамжамияти экологик мувозанатни тиклаш йўлида бор саъй-ҳаракатини ишга
солмоқда.
Аммо кишида ботиний эътиқод бўлмаса, ҳар қандай қонун ёки назорат
самара бермайди. «Яшилликни асранг», «Чаманзорларни хароб қилманг», каби
шиорларни ҳар қадамда осиб қўйиш мумкин. Лекин саноат корхоналари мўриларидан
чиқаётган тутунлардан ифлосланган осмонга, ҳаво қатламига, захарланаётган кўл
ва дарёларга нима деб ёза оламиз?
Табиатни севиш, эъзозлаш ва уни чин юракдан муҳофазалаш ҳар биримизнинг
ватанпарварлик ва фуқаролик бурчимиз бўлмоғи шарт. Бу жиҳатлар эса шубҳасиз,
экологик тарбия орқали амалга оширилади. Ҳар бир инсон табиат гўзаллигини кўра
билиши, табиатдан ҳайратланиб, завқланиб яшаши лозим. Илло, гўзаллик ярата
олган инсонгина табиатни улуғлайди. Табиат гўзаллиги - унинг мўъжизаси,
сир-синоати, абадийлиги ва чексизлигидадир. Инсон она табиатни ўз жисми деб
англамоғи лозим. Бу имконият инсоннинг гўзал ва фусункор табиат билан уйғун
яшашида ижобий натижа беради.
Марғубахон
МУХТОРХОНОВА,
Екоҳаракат фаоли
Екоҳаракат фаоли




Комментарии
Отправить комментарий