ОБИ ҲАЁТГА БЎЛГАН ТАЛАБ ҚОНДИРИЛМОҚДА
Бухоро воҳасининг исталган ҳудуди, шаҳар ёки
туманини олинг, истеъмолга яроқли тоза ичимлик суви танқислигини кўрамиз.
Мустақилликка эришилган йиллардан бошлаб бу борада катта
лойиҳа-“Самарқанд-Дамхўжа-Бухоро” сув магистралининг қуриб, фойдаланишга топширилгани
ана шу муаммони қисман ҳал қилди.
Бироқ ҳали чекка қишлоқлардаги аҳвол
ўнгланмаганини яширишга ҳожат йўқ. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29-30 март кунлари вилоятга қилган ташрифи давомида Бухоро
вилояти аҳолисини тўлиқ марказлашган ичимлик суви ҳамда туман марказларини
оқава сувларини чиқариш хизмати билан таъминлаш бўйича берган топшириқлари
ижроси юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Шофиркон
туманининг энг чекка қишлоқ овуллари аҳолисини тоза ичимлик суви билан
таъминлаш ишлари ҳам жадаллик билан амалга оширилди. Туманнинг Шўробод,
Қумбосди, Додбоғни, Қалъаи Мирараб қишлоқлари аҳолиси ҳам кўп йилдирки, сувни
турли манбалардан ташиб келиб “ичади”. Шу ҳудудга яқин ўндан ортиқ қишлоқда ҳам
худди шу аҳвол эди. Эндиликда бу қишлоқларга ичимлик суви қувурларини тортиш
ишлари якунига етказилди. Ҳа, азалий муаммо ҳал бўлди. Аниқроғи, Инвестиция
дастурига мувофиқ Шофиркон тумани “Ш.Ҳамроев” МФЙдаги “Шўробод”, “Арабхона”
МФЙдаги “Арабхона” ва “Зарчабек” МФЙдаги “Зарчабек” сув олиш иншоотлари
реконструкция қилинди. Лойиҳага биноан бу иншоотларда сувни фильтрлаш ва
юмшатгич ускунаси ўрнатилиб, ҳар бирида сув сақлаш ҳовузи қазилди.
“Сувоқова” давлат
унитар корхонасига қарашли “Шўробод” сув тақсимлаш иншоотининг тантанали очилиш
маросимида вилоят ҳокими Ўктам Барноев, туман мутасаддилари, нуронийлар, кенг
жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Меҳмонлар мажмуада
амалга оширилган лойиҳалар билан яқиндан танишиб, унинг ишлаш жараёнига юқори
баҳо беришди. “Маҳалламиз аҳолиси учун ичимлик суви бир неча километр узоқдан
транспортда ташиб келинар эди. Янги сув тақсимлаш иншооти барпо этилиши билан
ушбу муаммо тўла-тўкис ҳал этилди. Бундан ёшу кекса, айниқса, аёлларимиз
ниҳоятда хурсанд”, – дейди шу маҳаллада яшовчи Шаҳло Темирова.
Айни кунда “Ш.Ҳамроев”
МФЙда 4700 нафар аҳолисига эга бўлган Гулистон қишлоғи тоза ичимлик суви билан
таъминланади. “Арабхона” сув олиш иншоотини реконструкция қилиш ва Чандир қишлоғида
истиқомат қилаётган 6 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган
эҳтиёжини қондириш учун 3,5 километр масофага сув тармоғи барпо этилди. Лойиҳа
учун молиялаштирилган 4 миллиард сўмдан ошиқроқ маблағ ҳисобидан сув иншоотида
сувни фильтрловчи ва юмшатувчи ускуна ўрнатилди.Фақат шугина эмас. Қарор ижроси доирасида умумий қиймати 6,47
миллиард сўм сармоя эвазига “Зарчабек” сув олиш иншоотида ҳам юқоридаги каби
технологик модернизация ишлари амалга оширилди.
“Обод қишлоқ” давлат
дастурига мувофиқ “Бобоато” МФЙда 6 километрга ичимлик сув тармоғи ётқизилди. Натижада минг нафар
аҳолини “оби ҳаёт”га бўлган талаби қондирилмоқда. Хозирги кунда
“Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” ДУК томонидан бу ҳудудлардаги қудуқлар учун техник
иқтисодий асослар ишлаб чиқилмоқда. Дарвоқе, мазкур лойиҳаларни 2022 йилгача
амалга жорий этиш талаби қўйилган.
Чекка ҳудудларда аҳолининг турмуш
фаровонлигини юксалтириш, маиший шароитини яхшилашга қаратилган бундай эзгу
ишлар юртдошларимизнинг давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.








Комментарии
Отправить комментарий