ЧИҚИНДИЛАР МУАММОСИ


Шаҳар ва қишлоқларимизнинг четларида, йўл ёқаларида пала-партиш тўкиб ташланган ахлатлар доимо кўзга ташланиб туради. Бу чиқиндилар бизнинг иссиқ иқлим шароитимизда ҳар хил касаллик тарқатувчи микробларнинг тез кўпайиши учун замин яратади. Улар ҳашаротлар, шамол ёки сув орқали тез тарқалади, одамларни турли юқумли касалликларга йўлиқтиради. Тўкилган ахлатлар таркибидаги баъзи заҳарли моддалар, касаллик тарқатувчи микроблар ҳаво ёки ёмғир суви орқали сувга тушади ва ҳатто, ерости сувига ҳам ўтиши мумкин. Бу ҳол ҳам касалликларнинг тез тарқалишига сабаб бўлади. Бу ҳақда жуда кўп тарихий далиллар бор. Масалан, ўрта асрларда Европадаги кўп мамлакатлар ривожланиб, янги шаҳарлар барпо бўла бошлаган. Шаҳарларда қурилган кўп қаватли биноларга, тор кўчаларга қуёш ёруғлиги яхши тушмаган, кўп уйларда ҳаво яхши ўтмаган, ахлатларни чиқариш учун махсус қурилмалар (иншоотлар) бўлмаган. Қишлоқлардан кўчиб келган кишилар бундай уйларда товуқ, ўрдак, чўчқа каби ҳайвонларни сақлаганлар.


Уй ҳайвонлари шаҳар кўчаларида, майдонларда юриб, бу жойларни ўз ахлатлари билан жуда ифлослантириб юборган. Одамлар ҳам уйдан чиққан чиқиндилар, мағзаваларни кўпинча кўчаларга тўкканлар. Бунинг оқибатида шаҳар кўчалари шундай ифлосланиб кетганки, бундай кўчаларда ҳатто одамларнинг юриши мушкул бўлган.
Бундай антисанитар ҳолатда бўлган шаҳарларда каламушлар, ҳар хил ҳашаротлар ва бошқа ҳайвонлар ҳам кўпайиб кетган. Бургалар тез урчиб, касал одамларнинг қонини сўриб, улардаги вабо касали микробини соғлом одамларга юқтиришган ва уларнинг ўлимига сабабчи бўлишган. Шундай қилиб, ўша даврда Европа, Африка, ва Осиёдаги кўп мамлакатларда тўкилган чиқиндилар туфайли ўлат, вабо каби касалликлар тез-тез тарқалар ва минглаб одамларнинг ёстиғини қуритар эди. Кейинчалик Европа шаҳарларининг кўчаларини кенг ва равон қуришга киришилди, турар жойларнинг санитария ва гигиеник ҳолатларига қаттиқ риоя қилинадиган бўлди. Натижада вабо ва бошқа касалликлар тарқалишининг олди олинди.
Ҳозирги кунда ҳам сайёрамизнинг у еки бу бурчакларидан баъзи юқумли касалликларнинг пайдо бўлаётганлиги тўғрисида нохуш хабарлар келиб туради. Сайёрамиздаги, шунингдек, Ўзбекистоннинг кўп дарёлари ва денгизларига тўкилган ахлатлардан улар шунчалик ифлосланиб кетганки, санитария шифокорлари бундай сув ҳавзаларида ҳатто одамларнинг чўмилишини ҳам тақиқлаб қўйишган.
Чиқиндилар келиб чиқиши характерига кўра, бир неча хил бўлади: саноат чиқиндилари, конлардан чиққан чиқиндилар.Эскирган машиналарнинг қолдиқлари, чорва фермаларидан чиққан чиқиндилар, касалхона ва клиникалардан чиққан чиқиндилар, радиоктив чиқиндилар, уй-рўзғор чиқиндилари, ҳар хил прибор ва аппаратлар, мебелларни ташиш учун ясалган идишлар ва ҳоказо.Кейинги йилларда буюмларни ўраш ва  ташиш учун мўлжалланган синтетик материаллар кўпайиб бормоқда, булар чиримайди, йиғилиб қолаверади.Чиқиндилар ичида энг хавфлиси радиоактив чиқиндилардир. Америка ва Ғарбий Ёвропа мамлакатларида атом электростансияларидан, атом сувости кемаларидан чиққан радиоактив чиқиндилар ва кимё корхоналаридан чиққан ўта заҳарли моддаларни йўқ қилиш (кўмиб ташлаш) қийин муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.


Республикамизнинг кўпгина саноат шаҳарлари четларидан чиқиндилардан иборат сунъий тоғлар пайдо бўлган. Бу саноат чиқиндилари 1 миллиард тоннага яқин бўлиб, 10 минг гектардан ортиқ ҳосилдор ерни эгаллаб ётибди. Уларнинг таркибида  нодир хамда рангли маъданлар ва бошқа фойдали элементлардан ташқари, заҳарли бирикмалар ҳам мавжуд. Бу чиқиндилар таркибидаги фойдали моддаларни ажратиб олиб, бир қисмидан қурилиш ёки бошқа мақсадларда фойдаланилса, минглаб гектар экинзор, боғлар барпо этишга имкон туғиларди. Республикамизда ҳозирга қадар саноат чиқиндилари муаммоси ўз ечимини топгани йўқ. Ҳар йили ўртача 30 млн тонна саноат чиқиндилари чиқарилади, барча вилоятлар территориясида 1,0 миллиард тоннага яқин чиқинди тўпланиб қолган.
Чиқиндилар таркибида макалатура, озиқ-овқат чиқиндилари, пластмассалар, латта-путта ва бошқа нарсалар бор. Шунинг учун ҳам ривожланган мамлакатларда бундай чиқиндилар сотиб олинади. Агар бизда ҳам уларни қайта ишлаш йўлга қўйилса, чиқиндилар тайёр хомашёга айланади. Муҳитни бузмай, қанчадан қанча фойда олинган бўлар эди. Бизда ҳам чиқиндиларни тартибга солиш, уни қайта ишлаб, фойдали маҳсулотлар олиш вақти келди. Янгийўлдаги “Меҳнат” номли корхона бу ишга киришиб, чиқиндилардаги пластмассадан тугма, идишлар ва турли буюмлар тайёрламоқда. Ривожланган мамлакатларда бу муаммо ҳал қилинган. Кўпгина чет мамлакатларда шаҳар ва қишлоқлар орасталигининг асосий сабаби у мамлакатларда бу борада мукаммал қонунлар мавжуд бўлиб, улар ҳаётига изчил татбиқ этилган. Масалан, Сингапурда  сигарета қолдиғини махсус кўрсатилган жойга ташланмаса, 500 доллар жарима тўланади. Агар ахлат тўғри келган жойга тўкилса, 1000 доллар жарима солинади. Бу қонунлар лавозимидан қатъий назар ҳаммага тааллуқли ва қаттиқ назорат остида амалга оширилади.
Швесарияда табиатни бузиш борасида бирон ножўя иш қилинса, масалан, чиқинди кўрсатилган жойга тўкилмаса уни кўрган киши тезлик билан табиатни муҳофаза қилиш ташкилотига хабар қилади. Ҳар йили кузда шаҳар кўчалари ва хиёбонларда дарахтлардан тўкилган баргларни, қуриган хашаклар ва ҳар хил чиқиндиларни йиғиштириб, уларни ёқиш одат тусига кириб қолган. Ташқи кўринишдан бу ишлар шаҳар кўчалари ва ҳовлиларни орасталикка келтираётганга ўхшайди, аммо бу ишлар табиатга, айниқса, тупроқнинг унумдорлигига катта зарар келтиради. Кузда тўкилган барглар кўрпага ўхшаб,  тупроқнинг ички қаватига совуқни ўтказмайди. Натижада тупроқдаги фойдали тирик организмлар, айниқса, 8-хазина ҳисобланган ёмғир чувалчанги совуқдан омон қолади. Ана шу макро ва микроорганизмлар хашакларни чиритиб, ўсимликларнинг озиқланиши учун табиий минерал тузларни тайёрлайди. Бундан ташқари, кузда ёқилган барглар тутинидан ҳаво, айниқса, шаҳар ҳавоси ҳар хил заҳарли моддалар билан кўп ифлосланади. Чунки, шаҳарда ўсган дарахт баргларида автомомиллар ва корхоналардан чиққан заҳарли моддалар кўпроқ бўлади ҳамда шаҳар аҳолисини заҳарлайди. Қоғозга бўлган муносабат ҳам яхши аҳволда эмас, қанчадан қанча макалатура (ишлатилган газета, журнал, китоблар) ёқиб юборилади. Кейинги йилларда ишлатилган қоғоз (макалатура) ни қабул қилиш яхши йўлга қўйимоқда.


Чиқиндиларни қайта ишловчи завод республикамизнинг деярли ҳамма вилоятларида йўқлиги учун ахлатларни махсус жойларга тўкиб, кўмиб ташлаш давом этмоқда. Яқинда Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида чиқиндиларни сақлаш, ташиш ва кўмиб ташлашга рухсатнома берувчи  ҳужжат тайёрланди. Тайёрланган ҳужжат ахлатхоналар учун ер ажратишни ва уларни ускуналашни ҳам тартибга солади. Ахлатхоналар манзилгоҳлар ва дарёларнинг ўзанлари, ариқлар яқинига жойлаштирилиши асло мумкин эмас.  Улар девор ёки сим тўрлар билан ўралиб қўйилиши керак. Ахлатларни тўкиш учун чуқурлиги 3-4 метрга етказиб хандақ қазиш ва уларга тўкилган ахлат устидан хлорли оҳак сепиб қўйиш лозим. Хандақлар тўлгач, улар кўмиб ташланади.
Тоғли туманлардаги қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги ахлатлар, мағзавани дарёга оқизишади. Баъзи хўжаликларнинг чорва фермалари, корхоналар ҳам дарё яқинига жойлаштирилган бўлиб, улардан чиққан чиқиндилар сувга оқизилади. Республикамиздаги шаҳарлар борган сари кенгайиб, улардаги корхоналар ва аҳоли сони ортиб бормоқда. Бу ҳол чиқиндиларнинг борган сари кўпайиб, муаммоларнинг кескинлашувига олиб келмоқда. Чиқиндилар муаммоси республикамиздаги асосий экологик муаммолардан бири бўлиб, уни ҳал қилишнинг асосий йўли бу чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналарни қуриш ва иккиламчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан иборат.

Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ, 

Комментарии

Популярные сообщения