ОРОЛ МУАММОСИ!


Осиё минтақасида қурилган иригатсия иншоотларидан энг катта талофат кўрган Орол денгизидир. Унга қуйилган Сирдарё ва Амударё сувининг янги ўзлаштирилган ерларга, сув омборларига, саноат корхоналарига олинавериши бу дарёларнинг қуйи оқимида сувни жуда камайтириб юборди. Сирдарё суви 1974-йилдан бери Оролга етиб бормаяпти, Амударёдан бораётган сув ҳам жуда кам. Оқибатида Орол денгизининг ҳажми кескин камайиб бормоқда. Сувнинг шўрлиги бир литрда 9,9 граммдан 22 граммгача кўтарилган. Сувнинг минераллашуви давом этиб, ҳар литрда туз миқдори 60–100 граммга етиши мумкин. Бундай шўр сувда на балиқ, на бошқа ҳайвон яшай олади.

Орол атрофида шўрхоклар вужудга келиб, бундай тупроқда ҳатто шўрга чидамли ўсимлик ҳам ўса олмасдан қуриб қолмоқда. Бу ердаги 800 минг гектар қамишзор ва ўтлоқларнинг ишдан чиқиши туфайли 5 миллион тонна қимматбаҳо мол озиқаси қуриб битган. Аниқланишича, шамол таъсирида денгиз атрофидаги шўрхокликдан бир йилда 100 миллион тонна туз тўзони кўтарилар экан. Ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Автоном Республикаси ва Туркманистоннинг шимолий туманига ёғилган туз-чанг тўзони 1 миллиард тоннани ташкил этади. Ўзбекистон халқ хўжалиги бундан жуда катта зарар кўрмоқда. Бундан ташқари, Оролнинг қурий бошлаши иқлимга ҳам таъсир кўрсатиб, ёзда ҳаво ҳарорати кўтарилишига, қуруқлиги ошишига ва қишда совуқ сезиларли даражада ошишига олиб келди. Бу ҳол аҳолининг соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ижтимоий тармоқларда қайд қилиб ўтилган маълумотларга кўра ичимлик суви сифатининг бузилиши Қорқалпоғистон Республикаси аҳолиси ўртасида турли юқумли ва ошқозон-ичак касалликлари, онкологик хасталиклар, болалар ўлимининг кўпайишига олиб келган экан. Бундай ҳолатга тушган қорақалпоқ халқига Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқда. Орол муаммоси менинг, сенинг, бизнинг муаммомиз. Оролни биргаликда асраб қолайлик!


                                                                   
  Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ,


Комментарии

Популярные сообщения